Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга келади

Президент матбуот хизмати: Гурбангули Бердимуҳамедов 23-24 апрель кунлари ташриф билан Самарқанд шаҳрида бўлади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Туркман халқининг миллий етакчиси Ўзбекистонга ташриф буюради, дея хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов 23-24 апрель кунлари ташриф билан Самарқанд шаҳрида бўлади”, — дейилган хабарда.

Қайд этилишича, бўлажак музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрига ташрифи доирасида Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказган эди.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида илмий ҳамкорлик йўлга қўйилди