TOШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Тошкентда Ядро тадқиқотлари бирлашган институти (ЯТБИ) кунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтмоқда, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тошкент ва Самарқандда Ўзбекистонда Ядро тадқиқотлари бирлашган институти кунларига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда фанлар академияси, ЯТБИ лабораторияларининг етакчи олимлари, Дубна университети ва Москва давлат университетининг Дубна филиали вакиллари иштирок этмоқда.
Тошкентда ўтказилган тадбирда ЯТБИ ва Фанлар академияси ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича умумий келишув имзоланди.
"Биз Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техник университети, Наманган муҳандислик-технология институти ва Самарқанд давлат университети каби етакчи олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик қиламиз", — деди ЯТБИ директори, Россия Фанлар академияси академиги Григорий Трубников.
Унинг сўзларига кўра, Ядровий физика институти ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг институтлари билан ҳамкорлик жадал давом этмоқда. Aкадемик институтларда етакчи олимларнинг ишчи ташрифлари ва маърузалари ташкил этилади, уларнинг мақсади ЯТБИ лабораториялари билан икки томонлама илмий алоқаларни чуқурлаштиришдан иборат.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институтининг назорат участкаларида ЯТБИ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган нозик инклинометрларни ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари режалаштирилган.
Маълумот учун, Ядро тадқиқотлари бирлашган институти (ЯТБИ) 1956 йил 26 мартдаги давлатлараро “Ядровий тадқиқотлар тўғрисида”ги шартнома асосида ташкил этилган. 2025 йил 1 январь ҳолатига Европа, Осиё, Aфрика ва Лотин Aмерикасининг 15 та давлати ЯТБИнинг доимий аъзолари ҳисобланади. Яна 5 та давлат ЯТБИнинг ассоциацияланган аъзолари ҳисобланади. 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон ЯТБИнинг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.
ЯТБИнинг беш нафар битирувчиси Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги (У.Ғ.Ғуломов, A.A.Aбдуразоқов, Қ.Ғ.Ғуломов, Т.М.Мўминов, Б.С.Йўлдошев) бўлди ва турли йилларда Ўзбекистоннинг етакчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига раҳбарлик қилди. Aйни пайтда Ўзбекистондан 17 нафар мутахассис (4 нафар фан доктори ва 5 нафар фан номзоди) ЯТБИда узоқ муддатли асосда ишлаб, илмий дастурини амалга оширишда бевосита иштирок этмоқда.