TOШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мамлакатда 15 та давлат ва 61 та нодавлат олийгоҳда педагогика йўналиши бор. Лекин улардаги илмий салоҳият атиги 40 фоиз атрофида.
Қабулларнинг катта қисмини ижтимоий йўналишлар ташкил этади. Аниқ ва табиий фанлар бўйича педагоглар тайёрлаш жуда кам. Талабаларнинг 40 фоизи сиртқи таълимда ўқияпти.
“Шу боис Тошкент давлат педагогика университетини трансформация қилиб, Ўзбекистон миллий педагогика университетини ташкил этиш, келажак педагоглари лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Университет барча ҳудудлардаги педагогика институтлари учун таянч олийгоҳ бўлади”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” университетида 40 дан зиёд чет эллик ўқитувчилар ва 30 нафар зиёлилар фаолият юритмоқда. Талабалар ўзларининг турли йўналишлардаги лойиҳаларига жами 24,3 миллиард сўмлик грантлар жалб қилган.
“Бу салоҳиятдан фойдаланиб, университетда муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, тиббиёт каби замонавий соҳаларда мутахассислар тайёрлашни ривожлантириш, янги лабораториялар очиш режалари тақдимот қилинди. Шунингдек, олийгоҳда илм-фан, таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида Германиянинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда замонавий университет клиникасини ташкил этиш режалаштирилмоқда”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, ҳозирги кунда 2 мингта мактаб юқори юклама билан ишлаяпти. Бу йил бюджет ҳисобидан 112 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил этилади. Аҳоли ўсиши ҳисобига, мактабларга эҳтиёж ҳам ортиб боради. Шу боис Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб этиб, ҳудудларда 58 та замонавий мактаб қурилиши режалаштирилган.
Таҳлилларга кўра, мактаб ёшидаги болаларнинг 80 фоизи интернет ва ижтимоий тармоқларда фаол. Уларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича муайян ишлар олиб борилаяпти. Лекин, ёшлар таълим-тарбиясига кучли таъсир кўрсатадиган, қизиқарли миллий контентлар яратаётган ижодкорлар саноқли.
Шулардан келиб чиқиб, болаларга хавфсиз ахборот муҳитини яратиш, миллий контентларни кўпайтириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.