ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Новосибирск вилояти бизнес вакиллари ўз маҳсулотларини Сурхондарё орқали Афғонистонга экспорт қилмоқчи. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Новосибирск вилояти Экспортни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Алина Мусиенко билан учрашди. Унда Ўзбекистон ҳудудлари ва Новосибирск вилояти тадбиркорлари ўртасидаги шерикликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
“Марказ Ўзбекистон ҳудудлари, хусусан, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, Новосибирск вилояти бизнес вакиллари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Сурхондарё вилоятидаги "Айритом" эркин иқтисодий зонаси орқали Афғонистонга экспортини ташкил қилишга қизиқиш билдиряпти”, — дейилади хабарда.
Шу йилнинг июнь ойида Новосибирскда Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказиш, октябрь ойида эса "Айритом" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Новосибирскда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этишга келишиб олинди.