Ўзбекистон Россия билан ҳамкорликда диагностика реагентларини ишлаб чиқармоқчи

Ташаббус мамлакатнинг фармацевтика саноатини ривожлантириш ва импорт ўрнини босишга ёрдам беради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Ўзбекистон Россия билан диагностика реагентларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди.
Вазирликда Россиянинг "ALKOR BIO" биотехнология компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида диагностика реагентларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсадида Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
“Ушбу ташаббус мамлакатнинг фармацевтика саноатини ривожлантириш ва импорт ўрнини босиш бўйича стратегик мақсадларига ҳамоҳангдир. Келгусида ҳамкорликда иш олиб бориш, лойиҳа параметрларини баҳолаш ва зарур ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун қўшимча техник-иқтисодий ахборот алмашиш бўйича келишувларга эришилди”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, "ALKOR BIO" компаниялар гуруҳи — ИФА (иммунофермент таҳлил) ва ПЗР (полимераз занжир реакцияси) усуллари асосида лаборатория диагностикаси учун реагентлар тўпламлари ва ускуналар ишлаб чиқаради.