Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида илмий ҳамкорлик йўлга қўйилди

Умумий ва ноорганик кимё институти ҳамда Туркманистоннинг Кимё институти ўртасида меморандуми имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Фанлар академияси ҳузуридаги Умумий ва ноорганик кимё институти ҳамда Туркманистон Фанлар академиясининг Кимё институти ўртасидаги илмий ҳамкорлик йўлга қўйилди, дея хабар берди академия матбуот хизмати.
Умумий ва ноорганик кимё институти ҳамда Туркманистон Фанлар академиясининг Кимё институти ўртасида илмий-тадқиқотлар бўйича англашув меморандуми имзоланди.
“Ушбу меморандум икки қўшни давлат ўртасида фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ечимларни қўллаб-қувватлаш ва минтақавий муаммоларга биргаликда ечим топиш мақсадларини кўзда тутади”, — дейилади хабарда.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари:
минерал ўғитлар, адсорбсия технологиялари ва кимёвий катализ соҳасида тадқиқотлар олиб бориш;
давлат дастури жоирасидаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
олимлар, магистрантлар ва докторантлар учун стажировка ва малака ошириш имкониятларини яратиш;
лаборатория ускуналаридан ўзаро фойдаланиш ва илмий база алмашинуви;
ҳаммуаллифликдаги мақолалар ва патентлар яратиш.
Қайд этилишича, мазкур меморандум доирасидаги келгуси қадам икки қўшни давлатнинг илмий салоҳиятини интеграция қилиб, минтақавий кимё фанини халқаро даражага олиб чиқиш имконини беради. Шунингдек, экологик, саноат ва технологик муаммоларга биргаликда ечим топишга йўл очади.
Ростов вилоятидаги институт Ўзбекистон билан илмий тадқиқот олиб боришни таклиф қилди