ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Заҳириддин Муҳаммад Бобур шарафига алоҳида шаҳар бунёд этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижондаги “Янги Ўзбекистон” боғига ташрифи чоғида маълум қилинди.
Қайд этилишича, президент андижонлик ёшлар билан мулоқотда уларга юксак ишонч билдирди.
“Давлатимизнинг энг устувор мақсадларидан бири – ёшлар сиёсати. Таълим-тарбия, маҳалла, бандлик, спорт тизимларида қилаётган ишларимиз фарзандларимизнинг манфаатлари учун. Бизнинг ёшларимиз қобилиятли, истеъдодли. Бу истеъдод қачон юзага чиқади? Меҳнат бўлса. Билим олиб, интилган одам ҳеч қачон камбағал бўлмайди, ишини топади. Сиз ҳам ўқиб, изланиб, замонавий касб-ҳунарларни эгалланг. Бахтли бўлиш учун бугун замин яратишингиз керак", — деди Шавкат Мирзиёев.
Андижонда қуйидагилар амалга оширилади:
Янги Андижон шаҳри қурилмоқда, қисқа вақт ичида бу ерда “Янги Ўзбекистон” боғи ҳам барпо этилди;
Заҳириддин Муҳаммад Бобур шарафига алоҳида шаҳар бунёд этилади;
шаҳарда ихтисослашган боғча ва мактаб, университет, музей, кутубхона ва IT-паркдан иборат йирик таълим кластери барпо этилади;
олийгоҳ таркибида энг юқори талабларга жавоб берадиган спорт мажмуаси ҳам қурилади.
“Бобур шаҳри миллий қадриятларимизни мужассам этадиган маънавий масканга, ёшлар учун илҳом ва ибрат, парвоз майдонига, юртимизнинг яна бир туризм ва маданият марказига, замонавий технологиялар қўлланган “ақлли шаҳар”га айлантирилади. Бу шаҳар, худди буюк шоир ва мутафаккир Навоий номи қўйилган азим шаҳар каби, шонли тарихимиз ва келажагимиз ўртасида маънавий кўприк бўлади, янги тарихимиздан муносиб ўрин олади. Ҳудуддаги боғнинг энг баланд нуқтасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг янги, муҳташам ҳайкали ўрнатилади”, — дейилган хабарда.
Бу мақсадларни амалга ошириш учун дастур қабул қилиниб, 250 миллион доллар йўналтирилади.