ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Ўзбекистон Хитой билан ҳамкорликда республиканинг чекка ҳудудларида телекоммуникацияларни ривожлантириш ва квант метрология лабораториясини яратишга келишиб олди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вазирлик делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида "Эксимбанк" вице-президенти Янг Донгнинг ва Хитой Халқаро тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (CIDCA) директори ўринбосари Ли Сюнфенг билан учрашувлар бўлиб ўтди.
"Эксимбанк" раҳбарияти билан Ўзбекистон ҳудудларида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш ва телекоммуникацияларни ривожлантириш лойиҳалари, жумладан, махсус техника ва электр қутиларини харид қилиш, бир қатор муҳим лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
“Эксимбанк" раҳбари келишувлар ижросини шахсий назоратга олишга ва барча зарур чораларни кўришга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, янги лойиҳаларни тасдиқлашни жадаллаштириш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш даражаси бўйича тоифаларга бўлинишни назарда тутувчи уларни амалга ошириш жараёни мониторинги тизимини жорий этиш бўйича келишувларга эришилди”, — дейилган хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистонда илмий-тадқиқот институтларини модернизация қилиш, чекка ҳудудларда телекоммуникацияларни ривожлантириш ва квант метрология лабораториясини яратиш бўйича янги йўналишлар ҳисобига лойиҳалар рўйхатини кенгайтиришга келишилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон сентябрда бўлиб ўтадиган Хитой халқаро инвестиция ва савдо кўргазмасида (CIFIT) қатнашишга таклиф этилди. Хитой томони II Ўзбекистон-Хитой минтақалараро форуми ва 10-12 июнь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга қизиқишини билдирди.
Маълумот учун, шу йилнинг январь-феврали давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (19,2%) билан қайд этилди.