ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистон Малайзия томонига республика ҳудудларида кичик гидроэлектр станцияларини қуриш ҳамда йирик қувватли гидроиншоотларни барпо этиш лойиҳаларини амалга оширишни таклиф этди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Malakoff Corporation Berhad" компанияси бош ижрочи директори Анвар Шахрин Абдул Ажиб билан учрашди. Музокараларда Ўзбекистонда энергетика соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Малайзия томонига мамлакатда "яшил" энергия саноати истиқболи, айниқса гидроэнергия бўйича фойдаланилмаётган улкан имкониятлар мавжудлиги айтилган.
“Компаниянинг улкан тажрибаси ва салоҳиятини инобатга олган ҳолда, Малайзия томонига республика ҳудудларида дарё ва каналларда кичик гидроэлектр станцияларини қуриш ҳамда йирик қувватли гидроиншоотларни барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш таклиф этилди”, — дейилади хабарда.
Анвар Шахрин Абдул Ажибнинг айтишича, компания Малайзиядаги энг йирик мустақил энергия ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Умумий қуввати 8782 МВт бўлган иссиқлик ва 173 МВт қайта тикланувчи электр станцияларига эгалик қилади.
"Ўзбекистонда "яшил" энергия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар менда катта таассурот қолдирди. Мамлакатингиз эришган натижалар ва улкан режалардан илҳомланиб, ўзаро ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш учун жорий йилда Ўзбекистонга боришни режалаштиряпмиз", — деди у.
Айтилишича, компаниянинг асосий фаолияти электр энергияси ишлаб чиқариш, шўр сувни чучуклаштириш, эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш ҳамда чиқиндиларни бошқаришдан иборат. Компания Малайзиядан ташқарида Саудия Арабистони, Ўмон, Бахрайн ва Бангладешдаги корхоналарга эгалик қилади.