Хитой марказий банки давлат банкларидан доллар харидини камайтиришни сўради — ОАВ

Таъкидланишича, Хитой марказий банки юан курсининг кескин тушиб кетишига йўл қўймайди ва йирик давлат банкларидан АҚШ долларини харид қилишни қисқартиришни сўради
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 апр – Sputnik. Хитой Халқ банки (Марказий банк) йирик давлат банкларидан юан курсини қўллаб-қувватлаш мақсадида доллар харидларини камайтиришни сўради, деб хабар бермоқда “Reuters” манбаларга таяниб.
“Хитой марказий банки юан курсининг кескин тушиб кетишига йўл қўймайди ва йирик давлат банкларидан АҚШ долларини харид қилишни қисқартиришни сўради”, — дейилади нашр хабарида.
Регулятор бу ҳафта давлат банкларига ўз ҳисоблари учун доллар сотиб олишдан бош тортишни сўраб кўрсатма юборди, дейди учта манба. Улардан бири Хитой марказий банки банклардан мижозлар учун АҚШ валютасини сотиб олиш бўйича буюртмаларни бажаришда текширувларни кучайтиришни сўраганини айтди.
Мамлакатнинг йирик давлат банклари чоршанба куни спот бозорида Хитой валютаси қийматининг пасайишини секинлаштириш учун долларни фаол тарзда сотишди ва юанни сотиб олишди, дея хабар беради иккита алоҳида манба. Агентликнинг бир қанча суҳбатдошлари, шунингдек, регулятор экспорт ва иқтисодиётга божлар зарбасини юмшатиш учун юанни девальвация қилишга бормаслигини айтди.
Хитой марказий банки “Reuters”нинг изоҳ сўровига жавоб бермади.
Доллар курси чоршанба куни юанга нисбатан аввалги 7,3388 ёпилишдан 7,3482 гача кўтарилди. Ой бошидан бери Америка валютаси Хитой валютасига нисбатан 1,3 фоизга мустаҳкамланди.
АҚШ президенти Дональд Трамп ўтган чоршанба куни бошқа давлатлардан импорт қилинадиган маҳсулотларга ўзаро тарифлар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Асосий минимал ставка ўн фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, аксарият мамлакатлар юқори тарифларга дуч келишади. Хитойга нисбатан божлар 54% ни ташкил этди.
Кўп ўтмай, Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши АҚШдан барча товарлар учун 34% қўшимча божлар жорий этилишини эълон қилди. Трамп кейинроқ Пекин ўз қароридан қайтмаса, эълон қилинганларга жавоб чораларини ваъда қилди ва агар мамлакат божларни бекор қилмаса, Хитой билан музокаралар олиб бормаслигини айтди.
Оқ уй матбуот котиби Керолин Левиттнинг айтишича, Штатлар сиёсатчининг ваъдасини бажарган ва чоршанба кунидан бошлаб Хитой товарларига божлар 104 фоизга кўтарилган.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси РИА Новости агентлигига Америка тарифларига жавобан қарши чоралардан воз кечмаслигини, Пекин ва Вашингтон ўртасидаги музокаралар эса тенг ҳуқуқли ва ўзаро ҳурмат асосида ўтиши кераклигини айтди: “Хитойга қарши таҳдидлар ўзаро ҳамкорлик қилишнинг нотўғри усулидир”.
Хитой АҚШ товарларига қўшимча 34 фоизлик бож жорий қилди