ТОШКЕНТ, 7 апр – Sputnik. Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ялпи мажлисида сўзлаган нутқида маълум қилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
“Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини албатта беради”, - деди Ўзбекистон раҳбари.
Мирзиёев энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим эканини таъкидлади.
“Жумладан, Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини рўёбга чиқаришдан иборат”, - деди Ўзбекистон президенти.
Ўзбекистон БМТни универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этади. Биз бу борада бош котиб Антониу Гутерришнинг мазкур халқаро ташкилотни чуқур ислоҳ қилиш, унинг салоҳиятини ошириш бўйича олиб бораётган тизимли саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
18 март куни Россия президенти Владимир Путин америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди. Улар Украина можаросини ҳал этишни ҳам муҳокама қилишди. Путин Трампнинг можаро томонларининг 30 кун ичида энергетика инфратузилмаларига ўзаро зарба беришдан воз кечиш ғоясига ижобий муносабат билдирди ва Россия ҳарбийларига тегишли буйруқ берди.