ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) Евроосиё иқтисодий иттиқоқи (ЕОИИ) учун ягона рақамли макон яратиш устида ишламоқда. Бу ҳақда комиссия ҳайъати раиси Бахитжан Сагинтаев маълум қилди.
Сагинтаев МДҲга аъзо давлатлар халқаро иқтисодий форумининг “Катта Евроосиё ҳамкорлиги ривожланишига янги туртки. Илмий, технологик ва инновацион ҳамкорлик” ялпи мажлисида иштирок этди.
Қайд этилишича, илмий, технологик ва инновацион ривожланиш Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари иқтисодиётини янада юксалтиришнинг самарали воситаларидан бири.
Евроосиё “бешлиги”га аъзо барча давлатлар илғор илмий ва технологик тараққиётни таъминлайдиган стратегик ва дастурий ҳужжатларни тасдиқлашди. Миллатлараро даражада ЕОИИни иқтисодий муносабатларнинг глобал архитектурасига интеграциялаш, экспортни кўпайтириш, инвестициялар ва технологияларни жалб қилиш вазифалари ҳал этилмоқда.
Евроосиё иқтисодий комиссияси фаолияти давомида учинчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисидаги юзга яқин меморандум имзоланган бўлиб, бу тажриба алмашиш, жумладан, илғор инновацион ишланмалар бўйича ҳам имкон яратади.
“Иқтисодиётнинг барча соҳаларида рақамли трансформациянинг юқори суръатларини ҳисобга олган ҳолда, Комиссия давлат органлари, бизнес ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларни соддалаштиришга қаратилган ягона рақамли маконни яратиш бўйича фаол иш олиб бормоқда”, — деди ЕИК Ҳайъати раҳбари. – Бизнинг вазифамиз барча жараёнларни тезроқ, қулайроқ ва хавфсизроқ қилишдир. Технологик ечимларни амалга ошириш Digital Union концепциясига асосланади”.
Бахитжан Сагинтаев ЕОИИ доирасида интеграциялашган ахборот тизимининг муваффақиятли фаолият юритиши ҳақида ҳам гапирди. Унинг ривожланиши беш хил тизимни битта экотизимда бўлишига имкон берувчи миллатлараро инфратузилмани шакллантиради.
Айни пайтда иқтисодиётнинг қатор тармоқларида рақамлаштириш жадал ривожланмоқда. Транспорт соҳасида кўрилаётган чора-тадбирлар узлуксиз ташишни таъминлайди, Иттифоқ доирасида барқарор транспорт-логистика тизимини яратади.
Энергетика соҳасида электр энергияси ишлаб чиқариш структурасини диверсификация қилиш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Бахитжан Сагинтаевнинг таъкидлашича, инновациялар ва фан-техника тараққиётининг илғор ютуқларини жадал ривожлантириш кўп жиҳатдан ҳар бир миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини белгилайди. Бу вазифани амалга оширишга, жумладан, интеграция тузилмалари ўртасидаги мулоқот ва самарали ҳамкорлик ёрдам беради.