ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигини механизациялашда Хитой билан 10 миллион долларлик ҳамкорлик келишувига эришилди, дея хабар берди Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази.
Қайд этилишича, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов бошчилигидаги делегация Хитойда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида муҳим келишувлар имзоланди.
“Миллий марказ тизимидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ва Хитой Қишлоқ хўжалиги механизацияси академияси ўртасида умумий қиймати 10 миллион долларга тенг бўлган битим тузилди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, ушбу келишув асосида Марказий Осиёда ягона бўлган қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғувчи йирик завод ташкил этилиши режалаштирилган.
“Бу фермер ва деҳқонларни замонавий техника билан таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва импорт техникаларга бўлган қарамликни камайтиришга хизмат қилади”, — дея қайд этилган марказ хабарида.
Қишлоқ хўжалигини механизациялашда Хитой билан 10 миллион долларлик ҳамкорлик келишувига эришилди.
© Национальный центр знаний и инноваций в сельском хозяйстве при Минсельхозе.
Ташриф давомида делегация аъзолари замонавий чигит экиш ва пахта хомашёсини териш техникаларини ишлаб чиқарувчи завод фаолияти билан ҳам танишди.