ТОШКЕНТ, 22 мар – Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) рақобат ва монополияга қарши тартибга солиш вазири Максим Ермолович Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси бошқаруви раиси Алексей Кедрин билан ишчи учрашув ўтказди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
ЕИК вазири жорий йилда Комиссиянинг Рақобат ва монополияга қарши тартибга солиш бўлими фармацевтика соҳасида рақобатни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли тармоқ тадқиқотини ўтказаётганини таъкидлади.
Максим Ермоловичнинг сўзларига кўра, “фармацевтика соҳасини ўрганишдан мақсад тўсиқларни камайтириш, нархларни пасайтириш ва бунинг натижасида ЕОИИ давлатлари фуқаролари учун дори воситаларининг мавжудлигини таъминлашдир”.
Томонлар ассоциациянинг олиб борилаётган тадқиқотлардаги иштирокини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида Максим Ермолович Алексей Кедринни Минск шаҳрида бўлиб ўтадиган Евроосиё иқтисодий форумининг ихтисослаштирилган тадбирларида иштирок этишга таклиф қилди.