ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. “Шоҳи Зинда” медиалойиҳаси доирасида мажмуанинг макети тайёрланади, дея хабар берди Ислом цивилизацияси маркази ахборот хизмати.
Қайд этилишича, қадимий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида “Шоҳи Зинда” медиалойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Комплекс Шахи-Зинда в Самарканде.
© Sputnik / Актан Темирканов
Ушбу лойиҳа доирасида мажмуанинг макети тайёрланади, шунингдек, мажмуага виртуал саёҳатни тақдим этувчи медиаконтент ишлаб чиқилади.
“Лойиҳа давомида Шоҳи Зинда меъморий мажмуасининг тарихи, унинг таркибидаги обидалар, меъморий безаклари ҳамда эпиграфик ёзувлар ҳақида тўлиқ маълумотлар тақдим этилади. Замонавий технологиялар ёрдамида ушбу бетакрор ёдгорликни визуал кўринишда жонлантириш режалаштирилган бўлиб, бу нафақат сайёҳлар, балки тарих ва санъат ихлосмандлари учун ҳам ноёб имконият яратади”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, Шоҳи Зинда мажмуасини янги технологиялар ёрдамида ўрганиш ва тарғиб қилиш орқали унинг тарихий аҳамияти янада ошади ҳамда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси кенг оммага тақдим этилади.
Маълумот учун, Шоҳи Зинда (Тирик шоҳ) Самарқанднинг жанубий қисмида жойлашган. Мажмуада биноларнинг аксарияти подшоҳлар хонадонига мансуб шахсларнинг қабри устига қурилган мақбаралардир. Шоҳи Зинда XIV аср бошидан XV аср ўрталаригача бўлган серҳашам даҳмаларнинг юз йиллик келиб чиқиш эволюциясини ёритиб беради. Афсуски, унинг XI-XII асрларга оид асосий қисми қарийб йўқ бўлиб кетган.