ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Ростов вилоятидаги Жамиятшунослик ва минтақашунослик институти Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади, деб ёзмоқда “Дунё”АА.
Ўзбекистон бош консулхонаси дипломатлари Ростов вилояти Жанубий федерал университетининг Жамиятшунослик ва минтақашунослик институти директори Андрей Бедрик билан учрашди. Унда икки мамлакат олий таълим муассасалари орасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
“Россия вакили Ўзбекистондаги тадқиқот марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқот ишларини олиб бориш истагини билдирди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, маънавий-маърифий, ўзбек халқининг буюк аждодлари мероси ва Наврўз байрамига бағишланган тадбирларни биргаликда ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Маълумот учун, Ростов вилояти губернатори Василий Голубев бошчилигидаги делегация 2024 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган. Унда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ростов вилояти Жанубий федерал университети ректорлари томонидан аспирант ва докторантларга биргаликда илмий раҳбарлик қилиш тўғрисидаги келишув имзоланган.