ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва БАА таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашади, дея хабар берди “Дунё”АА.
Ўзбекистон элчиси Абдулазиз Аккулов Амирликлар стратегик изланишлар ва тадқиқотлар маркази бош директори Султон Муҳаммад ал Нуаймий билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, таҳлил марказлари ўртасида англашув меморандумларини ишлаб чиқиш ва имзолаш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, марказ ресурслари ва кутубхонаси Ўзбекистон экспертлари учун очиқ.
“Учрашув якунида, Ўзбекистон таҳлил марказлари ва институтлари билан ўзаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши юзасидан келишувга эришилди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳамкорликда билим ва тажриба алмашиш, мутахассислар учун семинар ва тренинглар ташкил этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Маълумот учун, марказ 1994 йил БААда таҳлилий тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Ўтган вақт давомида марказ сўнгги геосиёсий ўзгаришлар ва иқтисодий траекториялардан тортиб, минтақавий муносабатларнинг ўзгариши ва илғор технологияларнинг таъсиригача бўлган қатор масалалар бўйича мунозараларни шакллантирган етакчи тадқиқот муассасасига айланди. Марказ Яқин Шарқ ва бошқа минтақалар олдида турган энг долзарб бўлган муаммоларни муҳокама қилиш учун минтақавий ва халқаро экспертларга платформа яратиб беради.