ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) энергетика ва инфратузилма вазири Арзибек Кожошев Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг жаҳон иқтисодиётидаги ўн йиллик иштироки якунларини сарҳисоб қилди, деб ёзмоқда комиссия матбуот хизмати.
Бишкекда “ЕОИИ: Евроосиёнинг энг йирик интеграция бирлашмаси фаолиятининг 10 йиллиги” мавзусида халқаро онлайн мунозара бўлиб ўтди. Иштирокчиларнинг асосий муҳокама мавзуси эришилган муваффақиятлар ва Иттифоқ олдида турган вазифалар бўлди.
Арзибек Кожошев халқаро мунозара иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. У ўз сўзида ЕОИИнинг 10 йиллик фаолияти, хусусан, Иттифоқнинг шу вақт ичида эришган муваффақиятлари ва енгиб ўтган қийинчиликларга алоҳида тўхталиб ўтди.
“Бир қатор омиллар ва уларнинг салбий оқибатлари Иттифоқ учун ташқи муаммоларга айланди, уларни бирлашма муваффақиятли енгди. Ялпи ички маҳсулотнинг белгиланган давр мобайнида қарийб 50 фоизга – 1,6 триллион доллардан 2,4 триллион долларга ўсиши бундан далолат беради. Шу билан бирга, ўзаро товар айирбошлаш икки баравар кўпайди ва қарийб 90 миллиард долларни ташкил этди ва унинг ЕОИИ ташқи савдосининг умумий ҳажмидаги улуши 18,2 фоизгача ошди”, — деди Кожошев.
Вазир ЕОИИ фуқаролари учун таълим, тиббий хизмат, пенсия тайинлаш ва тўлаш соҳаларида янада қулай шароитлар ҳақида маълум қилди.
Ишбилармон доиралар учун имтиёзлар белгилаб берилган бўлиб, улар учун Иттифоқ қонунчилигида товарларнинг эркин ҳаракатланиши ва давлат харидларида тенг фойдаланиш назарда тутилган.
Вазир, шунингдек, ҳозирги вақтда умумий нефть, газ ва электр энергия бозорлари масалалари илгари сурилаётганини таъкидлади, бу эса энергия ресурсларининг мавжудлиги ва ЕОИИ мамлакатлари ривожланишини таъминлайди.