ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида 2025 йилда молиявий таълимни мактаб ва олий таълим дастурларига жорий этишни режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Марказий банкда бўлиб ўтган медиа мулоқотда маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
“Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида 2025 йилда молиявий таълимни мактаб ва олий таълим дастурларига жорий этишни режалаштирилмоқда. Бунинг учун махсус методикалар ҳам ишлаб чиқилмоқда”, — дея маълум қилишди банк вакиллари медиа мулоқотда.
Шунингдек, тадбиркорлар учун махсус ўқув материалларини ишлаб чиқиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг молиявий саводхонлигини ошириш режалаштирилган.
Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари Баҳодир Мирзаевга кўра, Ўзбекистонда аҳолининг молиявий саводхонлиги даражаси кўтарилиб бормоқда. Бироқ, Молиявий саводхонлик ва оммабопликни ошириш департаменти директори Дилбар Абдуганиеванинг айтишича, бу борадаги аниқ кўрсаткичлар апрель ойида маълум бўлади.
Айтилишича, Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан ҳуқуқлари бузилган истеъмолчиларнинг шикоятларини ўрганиш натижаларига асосан уларга умумий миқдори 2,5 млрд сўмдан ортиқ молиявий наф келтирилди.
Шу билан бирга, тижорат банкларининг жойлардаги муссасаларида базавий хизматлар кўрсатилишининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши ҳолатлари юзасидан банк муассасаларида 1 008 та назорат тадбири амалга оширилди.
Назорат тадбирларида қоидабузарликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан тижорат банклари томонидан 647 та интизомий жазо чоралари қўлланилди.
2025 йилда банк мижозларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича рискка асосланган назорат тизимини жорий этиш, шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини такомиллаштириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишлари бўйича банкларда ички назоратни йўлга қўйиш юзасидан талаблар ишлаб чиқиш режалаштирилган.