Ўзбекистон президенти БАА етакчисини туғилган куни билан табриклади

Ўзбекистон президенти БАА президенти билан телефон орқали мулоқот қилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқотда Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи таваллуд куни билан самимий табриклади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
“Мамлакатимиз етакчиси БАА президентига мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, дўст Амирликлар халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Давлат раҳбарлари бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ойи муносабати билан ҳам бир-бирларини самимий қутладилар”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалар ривожланиб, товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони изчил ортиб бормоқда.
“Бугунги кунда 20 миллиард долларлик лойиҳалар портфели доирасида Амирликларнинг етакчи компаниялари билан "яшил" энергетика, рақамлаштириш, сунъий интеллект, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби муҳим йўналишларда фаол ҳамкорлик қилинмоқда”, — дея қайд этилган хабарда.
Етакчилар Самарқандда "Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқотининг иккинчи саммитини ўтказиш масалаларини ҳам кўриб чиқишди.
Ўзбекистон ва БАА ўртасида иқтисодий шерикликнинг янги даври бошланди — тафсилотлар