Мирзиёев бош вазирга айрим раҳбарларни ишдан олишни топширди

Ўзбекистон президенти иштирокида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 март — Sputnik. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг иш услуби мутлақо ўзгаради. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида.
Қайд этилишича, президент Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятидан мутлақо норози. Агентлик ходимлари вазирликларга, ҳудудларга бориб, аниқ бир соҳани таҳлил қилиб, муаммоларга ечим бериш ўрнига, қўзғатилган жиноят ишларини санайдиган қуруқ статист бўлиб қолгани айтилди.
Агентлик раҳбарияти коррупция ҳолати энг кўп бўлган туман соғлиқни сақлаш, бандлик бўлими ёки банк филиалига бориб, ҳолатни ўрганмаган, янги замонавий тизим бўйича таклиф бермаган. Ушбу соҳаларнинг бевосита раҳбарларининг ўз тизимини “коррупциядан холи” қилиш ишлари сустлиги танқид қилинди.
Президент топшириғи билан инвестиция дастурлари устидан назорат кучайтирилганидан кейин ўтган йилни ўзида 3 триллион сўм иқтисод бўлди. Ёки соғлиқни сақлаш тизимида “Ситуацион марказ” ишга туширилгани ҳисобига 2024 йилда 1,2 триллион сўмлик мақсадсиз харажатларнинг олди олинди.
Шавкат Мирзиёев
“Лекин, нега бу ишлар президент топшириқ берганидан кейин бошланиши керак?”, — дея савол қўйди давлат раҳбари.
Парламентдаги бюджет қўмиталарида ҳам ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган 3 та вазирликка бориб, коррупциявий омилларни аниқлашда ва ўзгариш қилишда ташаббускорлик етишмаётгани қайд этилди.
“Бош вазирга 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмалари раҳбарларини ишдан олиш ва уларнинг ўрнига ҳалол, фидойи ва профессионал кадрлардан қўйиш, уларни олдига аниқ вазифаларни белгилаб бериш топширилди. Вазирликларнинг ҳудудий комплаенс ходимларини бевосита вазирни ўзи ишга қўйиши, ўзига сиёсий масъулият олиб, бутун тизимидаги коррупция учун шахсан жавоб бериши белгиланди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, Агентликнинг иш услуби мутлақо ўзгаради. Бунинг учун тажриба тариқасида 5 та идора: Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзсувтаъминот”нинг комплаенс назорати агентликка ўтказилади.
“Йил якуни билан бу вазирликларда қанча коррупциявий омилларни бартараф қилгани, одамларга қандай енгилликлар бўлгани ҳақида Миллий кенгашда ҳисобот беради”, — дея қайд этилган хабарда.
Шунингдек, агентлик вазир, ҳокимлар билан биргаликда ҳар чоракда коррупция юқори бўлган камида 3 та соҳада тумангача тушиб, маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганади, таҳлиллар асосида қайси жараённи рақамлаштириш, қайси бюрократик тартибни бекор қилиш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқади.
Икки ойда халқаро рейтинг ташкилотлари тавсияси асосида “йўл харита”си ишлаб чиқилиб, ҳар бир вазирлик ва идорага қилинадиган ишлар аниқ белгилаб берилади. Сусткашликка йўл қўйган раҳбарларни жазолаш бўйича таклиф киритилади.
Коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаётгани қайд этилди. Масалан, инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби йўналишларда.

“Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркибини тўлиқ янгилаш, уларга раис этиб вилоят халқ депутатлари кенгаши раисларини тайинлаш таклиф этилди. Ҳудудий кенгашлар инсонгача тушиб, коррупциявий омилларни аниқлаши, уларга барҳам бериш учун қайси қонунни ўзгартириш зарур, деган саволларга жавоб топиши кераклиги таъкидланди”, — деб ёзади президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Кенгашлар ҳар чоракда камида битта соҳада коррупциявий омилларни бартараф этиш, қонун устуворлиги, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритади.
“Ҳар бир вазир ва ҳокимга бу йил барча хизматлар бўйича давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни туман кесимида баҳолайдиган тизим яратиш топширилди. Кўрсатилган сервис сифатига аҳолини ўзи баҳо беради, энг ёмон деб топилган идора раҳбарлари бўйича хулоса қилинади”, — дейилган хабарда.
Шунингдек, фуқаролар сув, газ, электрга уланиш, субсидия, пенсия ва моддий ёрдам олиш каби масалаларда идорама-идора юрмасдан, онлайн жавоб оладиган тизим бўлиши кераклиги қайд этилди.

“Мутасаддиларга сунъий интеллект асосида аҳолининг саволларига қўл телефони орқали содда жавоб берадиган онлайн платформани ишга тушириш топширилди”, — дея таъкидланди хабарда.

Шу билан бирга, соҳаларни назорат қилиб, тартибга солишга масъул 14 та инспекция бор, улар жуда катта ваколат ва кучга эга. Ушбу идоралар ходимлари ҳам коррупцияга қўл ураётгани ташвишли экани таъкидланди.
Вазирлар Маҳкамасига тизимидаги коррупцияни билиб-билмасликка олиб юрган инспекция раҳбарлари ишига баҳо бериб, икки ҳафтада коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича ҳар бирига аниқ вазифа қўйиш топширилди. Ҳар ойда биттадан инспекция фаолияти танқидий кўриб чиқилади ва улардан қаттиқ сўров қилиб борилади.
Маълумот учун, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши 48 нафар аъзодан иборат бўлиб, уларнинг таркиби вазирлик ва идора раҳбарлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат. Олий Мажлис Сенати раиси Миллий кенгашнинг раиси ҳисобланади. Миллий кенгаш қабул қилган қарорлар барча давлат ва бошқарув органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар учун мажбурийдир.
Суюнчи, тўёна, раҳмат: ўзбекистонликлар қандай ҳолатларни "коррупция" деб билади?