TOШКЕНТ, 3 март — Sputnik. Россияда Осиё-Сибирь" улгуржи-саралаш савдо бозори очилди, дея хабар берди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати.
Новосибирскда очилган "Осиё-Сибирь" улгуржи-саралаш савдо мажмуасининг умумий майдони салкам 130 минг кв. метрга тенг. У ерда Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улгуржи савдоси амалга оширилади.
Мажмуа ҳудудида қуйидаги объектлар қурилган:
озиқ-овқат бозори;
мева-сабзавот кичик улгуржи савдо шохобчалари;
гўшт ва сут маҳсулотларини сақлаш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиш ва қайта ишлаш;
улгуржи юк автомашиналари учун тўхташ жойлари.
"Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, шунингдек, Эрон ва Хитойдан етказиб берувчилар билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Савдо марказида тадбиркорлар ва харидорлар учун яратилган барча шароитлар жаҳон талаб ва стандартларига жавоб беради", – деди "Осиё-Сибир" улгуржи савдо маркази директори Музаффар Раҳимов “Дунё” ААга.
Яқин келажакда мажмуада меҳмонхоналар, автомобиллар тўхташ жойлари, иссиқхоналар барпо этилиши кўзда тутилган.
Агентликка кўра, маълум муддат аввал мазкур улгуржи-саралаш савдо маркази майдони бир неча баробар кичик бўлиб, қаровсиз аҳволда бўлган. Ўтган йилнинг май ойида Карантин агентлиги дирекори Иброҳим Эргашевнинг Россия Федерациясига меҳнат сафари давомида улгуржи-чакана савдо маркази ўрганилиб, ўзбекистонлик экспортёрлар ва импортёрлар учун муносиб шароит яратишга келишилган.