Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИнинг трансчегаравий бозорларида адолатли рақобат ривожлантирилади

Максим Ермолович: Бизнес билан ўзаро ҳамкорлик ЕИК фаолиятининг стратегик йўналишларидан биридир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 март — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг трансчегаравий бозорларида адолатли рақобатни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитлар яратилади, дея хабар берди Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати.
ЕИК рақобат ва монополияга қарши тартибга солиш вазири Максим Ермолович Москвада Европа бизнеслари ассоциацияси аъзолари билан ишчи учрашув ўтказди.
“Комиссия учун бизнес, шу жумладан Европа мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик ишнинг стратегик йўналишларидан биридир. Мақсад – Евроосиё иқтисодий иттифоқининг трансчегаравий бозорларида адолатли рақобатни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш”, — деди Максим Ермолович.
Йиғилиш иштирокчилари мавқени суиистеъмол қилиш, рақобатга қарши келишувлар, адолатсиз рақобат каби кенг кўламли масалаларга тўхталди. Иттифоқда рақобат қоидаларининг бузилиши юзасидан шикоят бериш тартиби ва ЕИКнинг ушбу соҳадаги ваколатлари муҳокама қилинди.
ЕОИИда давлат харидларининг долзарб масалалари ва уларни Евросиё интеграцияси шароитида тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари кўриб чиқилди.
Учрашув чоғида Европа бизнес субъектлари ассоциацияси вакилларининг ЕИК Рақобат ва монополияга қарши тартибга солиш бўлими ишига соҳавий таҳлилларни, хусусан, фармацевтика саноати бозори ва электрон савдо майдончалари (маркетплейслар)ни ўтказишда кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.
Тадбирда Европа бизнеслари ассоциациясининг 50 дан ортиқ компаниялари вакиллари иштирок этди.