Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ойи бошланиши билан табриклади

Мирзиёев ер юзидаги барча мўмин-мусулмонларни, дўст ва ҳамкорларни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 мар – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Қадрли ватандошлар! Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар ва бутун халқимизни эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ушбу қутлуғ айёмда мана шундай мунаввар ойни эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотлар “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими самарасини юксалтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, кекса ва ёрдамга муҳтож инсонларни, ёшлар ва хотин-қизларни, чет эллардаги фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандларнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бормоқда.
“Бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади. Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қиламиз”, - деган президент табрик сўзида.
Мирзиёев ер юзидаги барча мўмин-мусулмонларни, дўст ва ҳамкорларни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаган.
Рамазон тақвими 2025 — саҳарлик ва ифторлик вақтлари