Мирзиёев Эрдоғанни туғилган куни билан табриклади

Икки мамлакат етакчилари Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан бир-бирини табриклади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғанни таваллуд куни билан табриклади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон етакчиси телефон орқали мулоқотда Туркия етакчисига сиҳат-саломатлик, фаровонлик, қардош турк халқининг барқарор тараққиёти ва равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади.
“Замонавий Туркиянинг барпо этилишида, мамлакатнинг глобал майдондаги нуфузи юксалишида, Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари бугунги юксак даражага кўтарилишида Президент Режеп Эрдоғаннинг ўрни ва шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилди. Турли даражаларда фаол, сермаҳсул мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорлик суръати ошиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Инвестициялар, инновациялар, энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбарлари Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги бўлажак саммитлар кун тартибини тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.
Суҳбат якунида етакчилар бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан бир-бирини табриклаб, қардош Ўзбекистон ва Туркия халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилашди