ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Покистон Ислом Республикаси бош вазири Шаҳбоз Шарифни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, шоҳсупага таклиф этди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар.
Биргаликда суратга тушилгандан сўнг тор доирадаги музокаралар бошланди.
Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, енгил ва чарм саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш борасидаги қўшма режалар диққат марказида бўлади.
Маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади. Саммит якунида Қўшма декларация ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган. Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида етакчилар Ўзбекистон-Покистон қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этишади.