ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, иш ўринлари ва инвестицияларни кўпайтириш бўйича 2025 йилги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди, дея хабар берди Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Сирдарёда хизмат кўрсатиш соҳасининг республикадаги улуши энг паст. Камбағаллик даражаси 11 фоиздан кўп. 22 минг нафар фуқаро ишсиз.
“Қарийб 900 гектар ер майдонида саноат зоналари ташкил қилиниши мўлжалланган. Бу 5 миллиард доллар инвестицияга ва 20 мингдан ортиқ янги иш ўрнига замин бўлади. Лойиҳалар Сирдарё, Ширин, Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Гулистон, Оқолтин ва Сардобада жойлашади”, — дейилади хабарда.
Рассмотрены планы по развитию экономики Сырдарьинской области
© Пресс-служба президента Узбекистана
Вилоят географик жиҳатдан Ўзбекистоннинг марказий қисмида, бир нечта халқаро автомагистрал кесишмасида жойлашган бўлиб, бир кеча-кундузда 311 мингта транспорт воситалари ўтади. Шунга кўра, тадбиркорлар бу йўллар бўйида юзлаб савдо шохобчалари очишга тайёрлигини билдирган.
Айтилишича, шу каби 500 минг квадрат метр савдо-сервис майдони ташкил этиб, 50 минг одамнинг бандлигини таъминлаш имконияти бор.
Қуйидагилар амалга оширилади:
Ер-суви мўл бу ҳудудда пахта, шоли, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш учун катта салоҳият бор. Шу боис картошка, пиёз, маймунжон, қорағат ва олча майдонлари кенгайтирилади.
Томорқа, дала ва каналлар четидаги 38 минг гектарга қайта ишловчи ва экспортчилар бириктирилади.
8 та тумандаги паст рентабелли 25 минг гектар ер шоли етиштиришга ўтказилади.
Шоличилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун маҳсулотнинг 50 фоизини экспорт қилишга рухсат берилади.
Вилоятда мингдан зиёд хонадоннинг қурилганига эллик йилдан ошган. Реновация дастури асосида, уларнинг ўрнида 15 минг хонадонли замонавий уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган. Бу борада Марғилон шаҳри, Дўстлик туманидаги ижобий тажрибалар ўрганилади.
Янги хонадонлар арзон бўлиши учун девелоперларга солиқ, божхона имтиёзлари берилади.
Шунингдек, вилоятдаги йўл, электр, уй-жой, ирригация, боғча, мактаб ва бошқа ижтимоий объектларни янгилашга 100 миллион доллар йўналтирилади.
“Гулистон шаҳрини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлашга зарур маблағ ажратиш ва бу ишларни 2025 йил 1 июлга қадар якунлаш топширилди. Шунингдек, Гулистон ва Ширин шаҳарларда урбанизация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида уларнинг ҳудудини кенгайтириш таклифи маъқулланди”, — дея қайд этилган хабарда.
Рассмотрены планы по развитию экономики Сырдарьинской области
© Пресс-служба президента Узбекистана
Умуман, бундай имкониятлар эвазига жорий йилда 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиб, экспортни 500 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди. Бунинг натижасида 16 мингдан зиёд янги иш ўрни очилиши, камбағаллик даражаси 7,4 фоизга тушиши қайд этилди.