Велоспорт: ўзбекистонлик спортчилар Осиё чемпионатида 2 та олтин медалга эга чиқишди

Дмитрий Бочаров япониялик жаҳон чемпионидан устун келди. Самира Исмоилова эса омниум дастурида олтин, очколар пойгасида бронза медалига сазовор бўлди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Ўзбекистон терма жамоаси Малайзияда бўлиб ўтаётган велоспортнинг трек йўналиши бўйича Осиё чемпионатида 2 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Айни кунларда Малайзияда велоспортнинг трек йўналиши бўйича ёшлар ва катталар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Унда 16 та давлатдан 300 нафардан ортиқ энг кучли спортчилар қатнашмоқда.
“Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мусобақанинг дастлабки кунларида 2 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлишди”, — дейилади хабарда.
Эркаклар ўртасидаги скретч дастурида Дмитрий Бочаров амалдаги жаҳон чемпиони япониялик Казушиге Кубоки билан олтин медаль учун рақобатда устун келди. Самира Исмоилова эса омниум дастурида олтин, очколар пойгасида эса бронза медалига сазовор бўлди.
Мусобақа 27 февралга қадар давом этади.