ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Сурхондарё транспорт ва қурилиш технологиялари техникуми Новосибирскдаги қатор коллежлар билан ҳамкорликни кенгайтиради, дея хабар берди “Дунё” АА.
Новосибирск қурилиш-монтаж коллежи билан тузилган ҳамкорлик меморандуми доирасида техникум делегацияси Сибир пойтахтига ташриф буюрди. Ўзбекистон томони турли йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш бўйича ўз дастурини тақдим этди ва республикада ўрта махсус таълимни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида гапирди.
Новосибирск қурилиш-монтаж коллежи директори Людмила Холинанинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти талабга жавоб берадиган ва энг муҳими, турли ишчи мутахассисликлари бўйича малакали мутахассислар тайёрлашнинг бутун жараёни бўйича энг илғор вилоятлардан биридир.
“Шахсан мен 2024 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида Сурхондарё вилоятига ташрифларим чоғида амин бўлдим, у ерда нафақат маҳорат сабоқлари ўтказиш, балки ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан таълим жараёнининг турли жиҳатлари бўйича тажриба алмашиш имконига эга бўлдик. Биз ҳар икки томон манфаатлари йўлида яқин ҳамкорликни давом эттирамиз”, — деди у.
Сурхондарё транспорт ва қурилиш технологиялари техникуми Новосибирск енгил саноат ва хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш, автомобилсозлик ва йўл хўжалиги, электроника ва компьютер технологиялари коллежлари билан ҳамкорлик меморандумлари ва ният баённомаларини имзолади.
Томонлар яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, профессионал мутахассислар тайёрлаш бўйича амалий тажриба алмашиш, шунингдек, талабалар делегацияларининг ташрифларини муҳокама қилишди.