Ўзбекистон Афғонистонда Ҳайратон-Ҳирот темир йўли лойиҳасини амалга оширади

Ўзбекистоннинг техник темир йўл гуруҳлари яқин кунларда темир йўлни Ҳайратондан Ҳиротгача узайтириш бўйича дастлабки тадқиқотларни ўтказади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Ўзбекистонлик мутахассислар Афғонистонда Ҳайратон–Ҳирот темир йўлининг йирик лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу ҳақда муваққат Афғонистон ҳукумати бош вазири ўринбосари Абдулғани Бародар ҳукумат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якунида журналистларга маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари бошчилигидаги делегацияси, жумладан, бир қанча вазирлар ва саноат идоралари вакилларининг Тошкентга икки кунлик расмий ташрифи бўлиб ўтди.
Бош вазир ўринбосари Кобул халқаро аэропортида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда ташрифни самарали деб атади ва сафар давомида Ўзбекистон бош вазири, бош вазир ўринбосари ва турли муассасалар мутасаддилари билан учрашганини айтди.
Абдулғани Бародарнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, савдо ва темир йўлни ривожлантириш каби соҳаларда кенг қамровли муҳокамалар бўлиб ўтган.

“Ўзбекистоннинг техник темир йўл гуруҳлари яқин кунларда Афғонистонга ташриф буюриб, темир йўлни Ҳайратондан Ҳиротгача узайтириш бўйича дастлабки тадқиқотларни ўтказади. Ўзбекистоннинг молиявий кўмагида ушбу тадқиқотлар якунланиши билан темир йўл лойиҳасини амалга ошириш босқичи бошланади”, — деди Афғонистон вакили.

Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига қўйилган чекловларни олиб ташлашга рози бўлган, бу эса, унинг фикрича, Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ошишига олиб келади.
Афғонистон RTA телеканалига кўра, Бародар Ўзбекистондан электр энергиясини узатиш лойиҳаси бўйича дастлаб 252 миллион долларга баҳоланган шартнома нархи музокаралардан сўнг 222 миллион долларга туширилганини маълум қилди.
“Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўлини таъмирлаш бошланди