TOШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Ўзбекистон Россияда ишлаш рухсатномасини расмийлаштириш марказида фуқаролар учун қабул кунларини ташкил этишни режалаштирмоқда, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон бош консулхонаси ходимлари Санкт-Петербургдаги "Единый центр документов" МЧЖ директори ўринбосари Oлег Сковпень билан учрашишди.
“Музокаралар чоғида миграция соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, бош консулхона ва Миграция агентлиги ваколатхонаси ходимларининг ушбу марказ ҳудудида фуқаролар учун қабул кунларини ташкил этиш имкониятлари бўйича фикр алмашилди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон томони Санкт-Петербургда меҳнат мигрантлари учун патент олиш бўйича айрим турдаги хизматларни мамлакатга ўтказишни таклиф этди.
Айтилишича, учрашув якунида томонлар ушбу таклифни амалга ошириш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олишди.
Oлег Сковпеннинг қайд этишича, 2010 йилда очилган мазкур ташкилот "ягона дарча" тамойилидан фойдаланган ҳолда хорижий фуқароларни Россия ҳудудида қонуний бўлишлари учун керакли ҳужжатларни расмийлаштириш хизматларини кўрсатувчи платформа ҳисобланади.
"Единый центр документов" Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятидаги 3 минг мигрантга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Хорижий фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида уларни қонунийлаштириш жараёнини соддалаштиришга қаратилган мобиль иловаси ҳам бор.