Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлис санаси маълум қилинди

Сенаторлар 20 февраль куни қатор қонунларни кўриб чиқишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси 20 февраль куни чақирилади, дея хабар берди Ўзбекистон юқори палатаси матбуот хизмати.
“Сенаторлар фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш, тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кредит ахбороти алмашинувини янада такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги, ер участкаларидан фойдаланиш, қурилиш тартиби, донорлик ҳаракатига доир ҳамда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунларни кўриб чиқишни режалаштирмоқда”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, ялпи мажлис кун тартибидан суд, маҳкумларнинг жазо ўташдаги ҳуқуқлари, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ қонунлар ҳам ўрин олган.
Бундан ташқари, тўртинчи ялпи мажлисда бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш ва уларга қўшилиш масалалари акс этган қонунлар ҳам кўриб чиқилади. Шу билан бирга, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинади.