TOШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. АҚШ, Россия ва Украина келаси ҳафта Саудия Арабистонида юқори мартабали амалдорлар даражасида учрашув ўтказади, дея маълум қилди АҚШ президенти Дональд Трамп.
“Эртага Мюнхенда учрашув, келаси ҳафта эса Саудия Арабистонида, мен ёки президент Путин билан эмас, балки юқори мартабали амалдорлар билан. Украина ҳам унда иштирок этади”, - деди у.
Чоршанба куни Трамп Путин билан Саудия Арабистонида учрашишни кутаётганини айтганди.
Бундан сал олдин у Россия, АҚШ ва Украинанинг юқори мартабали вакиллари 14-16 февраль кунлари бўлиб ўтадиган Мюнхен Хавфсизлик конференциясида учрашишини ҳам эълон қилганди.
Россиянинг можарони ҳал қилиш бўйича позицияси
Ўтган йил июнь ойида Путин можарони тинч йўл билан ҳал қилиш ташаббусларини илгари сурган эди. Россия зудлик билан ўт очишни тўхтатади ва музокараларга тайёрлигини эълон қилади, агар:
Украина НАТОга кириш ниятидан расман воз кечса;
Украина Қуролли кучлари Россиянинг янги ҳудудларидан чиқиб кетса;
Киев ҳукумати демилитаризация ва денацификация амалга оширса;
мамлакат нейтрал, қўшилмаслик ва ядросиз мақомга эга бўлса.
Путин бу контекстда Россияга қарши санкциялар бекор қилинишини ҳам тилга олганди.
Шу билан бирга, Москва Киев режими музокараларга киришни 2022 йил октябрь ойида тақиқлагани ва Владимир Зеленскийнинг қонунийлик борасида катта муаммолари борлигини қайта-қайта эслатиб келади.