TOШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди, дея хабар берди университет матбуот хизмати.
Ҳамкорлик ҳужжати университет ректори Сергей Тарасов ва агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўртасида имзоланди.
Ҳужжат спорт, таълим, илмий ва ёшларга оид лойиҳаларни амалга оширишда шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган.
"Меморандум доирасида инклюзив таълим ва адаптив спорт йўналишида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, ходимлар билан ўзаро тажриба алмашиш, талабаларни махсус дастурларга жалб этиш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш ва амалиёт ўташларини ташкил этишда кўмаклашиш режалаштирилган", — дейилади хабарда.
Университетнинг Тошкент шаҳридаги филиали билан ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар қаторига қуйидагилар киради:
талаба-махсус таълим ўқитувчиларининг Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимидаги муассасаларида амалиёт ўташларини ташкил этиш
Агентлик ходимларининг малакасини ошириш курсларини ишлаб чиқиш, филиал битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш.
Бундан ташқари, филиал негизида Коррецион педагогика марказини ташкил этиш ва адаптив жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, мазкур йўналишлар бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва очиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида ёзишича, бугун давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда Россия давлат педагогика университетининг Тошкентдаги филиалида адаптив спорт бўйича алоҳида факультет очилади.
“Адаптив спорт турлари ассоциацияси А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган ёшларни спорт билан қамраб олиш бўйича илмий асосланган методика ва стандартларни ишлаб чиқади. Университетнинг Тошкентдаги филиалида адаптив спорт бўйича алоҳида факультет очилади”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, адаптив спорт - ногиронлар (айниқса, иқтидорли ёшлар)да юқори маҳоратини ривожлантиришга ва соғлиғида ўхшаш муаммолари бўлган одамлар билан мусобақаларда турли спорт турлари бўйича энг юқори спорт натижаларига эришишга қаратилган спорт тури.