Маҳалла раисларининг ваколат муддати узайтирилди

Энди фуқаролар йиғини раиси 5 йилга сайланади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди. Бу ҳақда қатор қонунларга киритилган ўзгаришларда назарда тутилган.
Қайд этилишича, 11 февраль куни қабул қилинган ЎРҚ-1027-сонли қонун билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра, фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилмоқда. Энди бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғинлари раислари 5 йил муддатга сайланади.
Шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилди.
“Қонун амалга киритилгунига қадар сайланган фуқаролар йиғинлари раислари ўз ваколатларини улар сайланган 3 йиллик муддат тугагунига қадар амалга оширади”, — дейилади хабарда.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Маълумот учун, фуқаролар йиғини раисини сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга.
Фуқаролар йиғини раиси сайлови икки ва ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилади. Сайлашда фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) ҳар бир иштирокчиси бир овозга эга бўлади.
“Маҳалла лойиҳаси” дастурига 1 млрд доллар йўналтирилди — батафсил