ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Ўзбекистонлик пара таэквондочилар "Turkish open" халқаро турнирида 9 та медалга сазовор бўлишди. Бу ҳақда Спорт вазирлиги хабар берди.
Анталияда пара таэквондо бўйича "Turkish open" халқаро турнири бўлиб ўтди. Мусобақада 27 та мамлакатдан 180 нафар пара таэквондочи иштирок этди.
“Ушбу мусобақада 12 нафар терма жамоамиз аъзоси қатнашди ва якунда уларнинг 9 нафари совриндорлар сафидан жой олди”, — дейилади хабарда.
Совриндорлар:
Олтин: Қудрат Муҳаммадиев (-80 кг);
Кумуш: Камола Жўраева (-57 кг), Қудратжон Ҳайдаров (-63 кг), Жавоҳир Алиқулов (-80 кг), Асадбек Тоштемиров (+80 кг);
Бронза: Карима Мелиқўзиева (-57 кг), Розия Эргашева (65 кг), Муҳаммадсодиқ Усмонов (-63 кг), Кудратулла Суннатов (-70 кг).
Маълумот учун, мазкур мусобақа G2 таснифига киради ва Паралимпия ўйинларига рейтинг очколари тақдим этади.