ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари чорвачиликда ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати хабар берди.
Чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ЕОИИ мамлакатлари саноат вазирликлари, илмий ташкилотлари ва бизнес вакиллари томонидан ЕОИИ Агросаноат сиёсати департаменти директори Наира Карапетян раислигида ўтказилган мувофиқлаштирувчи йиғилишда муҳокама қилинди.
Асосий соҳаларга қуйидагилар киради: чорвачиликни ривожлантириш, шу жумладан Иттифоқнинг интеграциялашган ахборот тизимидан фойдаланишда маълумот алмашиш бўйича ЕОИИ мамлакатлари ва Комиссия томонидан мувофиқлаштирилган ҳаракатлар механизмини ишлаб чиқиш.
Шунингдек, сут маҳсулдорлигидаги қорамолларнинг референт популяциясини яратиш, статистик кўрсаткичлар рўйхати ва ушбу соҳада аъзо давлатлар ва ЕИК ўртасида маълумот алмашиш форматларини аниқлаштириш, чорвачилик бўйича тажриба алмашиш мақсадида қўшма тадбирлар ўтказиш ҳам шулар жумласидан.
“Ушбу йўналишларда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилиши наслчилик ишларига инновацион технологияларни янада жорий этиш бўйича давлатлараро ҳамкорлик механизмларини оптималлаштириш, наслдор қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг генетик салоҳиятини ошириш ва Иттифоққа аъзо давлатларнинг наслчилик маҳсулотлари савдосини ривожлантириш имконини беради”, — деди Наира Карапетян.