Мирзиёев “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” симпозиуми иштирокчиларига табрик йўллади

Таъкидланишича, мазкур анжуман шоирнинг 584 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган кунларда ўтаётгани унинг шукуҳини янада оширмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” IV халқаро симпозиуми иштирокчиларига табрик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Аввало, сиз, азизларни “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” IV халқаро симпозиумининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Қадимий Ўзбекистон заминида, гўзал Зарафшон воҳасида Шарқ Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси, буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий номи билан аталадиган навқирон шаҳарда илк бор ўтказилаётган ушбу форумнинг нуфузи дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда. Бу галги анжуманда Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъалари мамлакатларидан кўплаб таниқли олим ва тадқиқотчилар иштирок этаётгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди”, - дейилади табрик матнида.
Таъкидланишича, мазкур анжуман Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили” деб эълон қилинган жорий йилда, шоирнинг 584 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган кунларда ўтаётгани унинг файзи ва шукуҳини янада оширмоқда.
“Жаҳон адабиёти ва тафаккури тарихида ўчмас из қолдирган Алишер Навоийнинг серқирра ижтимоий-сиёсий, ижодий, илмий-маърифий фаолияти, бой адабий-бадиий мероси асрлар давомида юксак инсонпарварлик, Ватанга садоқат, адолат ва эзгулик тимсоли сифатида ҳамиша жаҳон аҳлининг эътиборини тортиб келмоқда. Ҳазрат Мир Алишер Навоий ўта мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний ғояларни баланд кўтариб майдонга чиққани, ўзбек адабий тилига асос солиб, унинг ўлмас руҳи, қудрати ва латофатини ҳар томонлама исботлаб бергани чинакам маънавий жасорат намунаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”, - дейилган табрикда.
Қайд этилишича, мутафаккирнинг турли халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, башариятнинг ёруғ келажагини биргаликда қуришга чорлайдиган ғоя ва қарашларининг аҳамияти ҳозирги таҳликали даврда тобора ортиб бормоқда.
“Бугунги кунда биз Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни барпо этиш жараёнларида Алишер Навоий асарларини ўзимиз учун битмас-туганмас куч-ғайрат ва илҳом манбаи деб биламиз. Шу боис бу ноёб маънавий бойликни чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш доимо эътиборимиз марказида бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, шу борада юртимиз олимлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган сиз, азизларга, барча илм-фан намояндаларига чуқур миннатдорлик билдираман. Ушбу анжуманга пухта тайёргарлик кўрган, Алишер Навоийнинг таваллуд айёмини катта шоду хуррамлик ва бунёдкорлик ишлари билан кутиб олаётган Навоий шаҳри ва вилояти аҳлига, мутасадди раҳбарларга ҳам самимий ташаккур изҳор этаман”, - деган Мирзиёев табрикда.
Алишер Навоий номидаги адабиёт музейида Ўзбек тили куни нишонланди