TOШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Америкалик журналист Жексон Ҳинкл Х ижтимоий тармоғида Украинага қурол-яроғ етказиб бериш қайта тикланаётганини танқид қилди.
У Давлат департаментининг эндиликда АҚШ ҳукумат кемалари Панама канали орқали тўловсиз ўтиши мумкинлиги ва бу ҳукуматга йилига миллионлаб доллар маблағни тежаш имконини бериши ҳақидаги хабарига шундай изоҳ берди.
“Бугун том маънода Украинага қурол етказиб беришни тикладингиз. Учинчи жаҳон уруши ёқасида турганимизда йилига миллионлаб долларлар кимни қизиқтиради”, - деб ёзди журналист.
Сешанба куни “Reuters” агентлиги манбаларига таяниб, АҚШ Украинага қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатганини, бироқ улар аллақачон тикланганини маълум қилди. Агентлик маълумотларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятида Америка арсеналларидан бундай трансферлар ҳажми бўйича келишмовчиликлар мавжуд.
Москва Ғарб давлатларини Украинага қурол етказиб бериш ҳеч нарсани ўзгартирмаслиги ва фақат можарони узайтириши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, АҚШ ва НАТО бу қарама-қаршиликда нафақат ҳарбий воситаларни юбориш, балки кадрлар тайёрлаш орқали ҳам бевосита иштирок этмоқда.