USAID ҳақиқий жиноий тармоққа айланди — Володин

Вячеслав Володин: энди содир этилган жиноятларда айбдорлар жазоланиши ва бундай ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги муҳим
Sputnik
TOШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин USAIDнинг ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотга муносбат билдирар экан, агентлик ҳақиқий жиноий тармоққа айлангани ва жиноятларда айбдорлар жазоланиши кераклигини айтди.

“Агентлик ҳақиқий жиноий тармоққа айланди, унинг ваколатхоналари 100 тадан ортиқ мамлакатда ва йиллик бюджети 50-60 миллиард долларни ташкил этади. Бугун Агентликнинг Вашингтондаги бош қароргоҳи ёпиқ. USAIDни тугатиш масаласи турибди. Энди содир этилган жиноятларда айбдорлар жазоланиши ва бундай ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги муҳим”, — деб ёзди Володин ўзининг Telegram-каналида.

Унинг қўшимча қилишича, низомга кўра, USAID иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини қўллаб-қувватлаши, шунингдек, фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатиши шарт. Володиннинг айтишича, USAID инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда. Улардан бири биологик қуроллар бўйича тадқиқотларни молиялаштиришдир.

“Биз АҚШ ва (собиқ президент) шахсан Байден ўғли билан биргаликда уч йил аввал дунёда оммавий қирғин қуролларини яратиш ва тарқатиш ортида тургани ҳақида гаплашган эдик. Буни Давлат думаси томонидан олиб борилган парламент текшируви натижалари тасдиқлади”, — деб ёзади у.

Володиннинг қўшимча қилишича, ўша пайтда Украинада биолабораториялар тармоғи аниқланган. Бу мамлакат аҳолиси ғайриинсоний қийноқларга ва синовларга дучор бўлган.
“Байден (Владимир) Зеленский билан биргаликда Украина фуқароларини синов ҳайвонларига айлантирди. Ҳамма сир эртами-кечми ошкор бўлишини ва Байденлар оиласи муқаррар равишда жазога тортилишини англаб, ўғлини сиртдан кечирди. Аммо бутунлай ақлдан озган собиқ АҚШ президенти виждони қанчалар вайрон бўлганини англаб етмаса керак, — деди Володин.
Бундан ташқари, Давлат думаси раиси USAID ортида турган бошқа жиноятларни санаб ўтди - бу террористик ташкилотларга ҳомийлик қилиш, дунёда гиёҳванд моддаларни тарқатишда ёрдам бериш, трансгендер ўтишни пропаганда қилиш, аборт ва ирқий-гендер кун тартиби мавзусини тарғиб қилиш.
“Бу борада фуқаролик фаоллари, сайлов кузатувчилари ва журналистларни тайёрлашга қаратилган лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш орқали дунё мамлакатларида давлат тўнтаришларига тайёргарлик кўриш ва уюштириш. Украина, Грузия, Молдова, Арманистон, Қирғизистон, Куба, Никарагуа, Венесуэла - бу "демократияни ривожлантириш"да бундай ёрдамдан жабр кўрган мамлакатларнинг тўлиқ рўйхатидан йироқ. Сўнгги 10 йил ичида USAID шу мақсадда собиқ иттифоқ республикаларига 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади. Бу маблағнинг 52 фоизи Украинага тўғри келди”, — дея хулоса қилди Володин.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Давлат котиби Марко Рубиони USAID раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган, у ўз навбатида Конгрессни ташқи ёрдам кўриб чиқилиши ҳақида хабардор қилган эди. 2 февраль куни америкалик тадбиркор Илон Маск USAIDни “ўлиши керак бўлган жиноий ташкилот” деб атади.
Ғарб ОАВлари 28 январь куни Трамп маъмурияти АҚШ бошқа давлатларга ёрдам беришни тўхтатганидан сўнг 60 нафарга яқин юқори мартабали USAID амалдорларини таътилга чиқарганини хабар қилди.
USAID биоқурол тадқиқотларини молиялаштирган — Маск