ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Россиянинг Курган вилоятидаги завод ўзбекистонликларни ишга жалб қилишга тайёр, деб хабар қилди "Дунё" АА.
Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ходимлари Курган вилояти Меҳнат бандлиги департаментида вилоятнинг Ижтимоий сиёсат департаменти, Миграция бошқармаси, Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш муассасаси каби ташкилотлар раҳбарияти ва иш берувчилар билан учрашди.
Россия томонига Ўзбекистонда миграция соҳасини тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хориждаги ватандошлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, "Мономарказлар" фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
“Сафар давомида дипломатлар меҳнат миграциясини жадаллаштириш, потенциал иш берувчиларни аниқлаш ҳамда фуқароларимизни қонуний асосда ишга жойлаштириш мақсадида Курган вилоятидаги йирик иш берувчилар –"Синтез" ва "Курганстальмост" заводларида бўлиб, корхоналар раҳбарлари билан музокара ўтказишди”, — дейилади хабарда.
Учрашувларда меҳнат мигрантларини жалб этиш бўйича танловларни ташкил этиш, танлаб олинган ишчиларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари, иш фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи ҳужжат (патент)ни расмийлаштириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
"Курганстальмост" заводи директори Олег Черняк айни пайтда корхонада 200 та бўш иш ўрини борлигини ва уларга Ўзбекистон фуқароларини жалб қилишда тайёр эканлигини билдирди.
Бош консулхона ходимлари ташриф давомида мазкур заводда ишлаётган ўзбекистонликлар билан учрашишди.