Трамп БРИКС давлатларидан долларни алмаштириш ниятидан воз кечишни талаб қилди

У бундай уринишлар қилган мамлакатларни савдони чекловчи кескин чоралар билан таҳдид қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. БРИКС давлатлари савдода долларни алмаштириш уринишларидан воз кечиши керак, деб ёзди АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг TRUTH Social ижтимоий тармоғида.

"Биз бу, афтидан, душман бўлган давлатлардан янги БРИКС валютасини яратмаслик ёки қудратли АҚШ доллари ўрнини босадиган бошқа валютани қўллаб-қувватламаслик мажбуриятини олишларини талаб қиламиз. Акс ҳолда, улар ўз товарларини ажойиб АҚШ бозорида сотиш учун 100% божларга дуч келишади”, - деб ёзади Трамп.

У АҚШ халқаро савдода доллар ўрнини босишига йўл қўймаслигини таъкидлади. Шунингдек, бундай уринишлар қилган мамлакатларни савдони чекловчи кескин чоралар билан таҳдид қилди.
"Улар қурбон бўлишга тайёр бўлган бошқа давлатни топишлари керак бўлади. БРИКСга аъзо мамлакатларнинг ҳеч бири халқаро савдода ёки бошқа жойда доллар ўрнини босиш имкониятига эга эмас", — дея қўшимча қилди Трамп.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ушбу баёнотларни шарҳлар экан, Оқ уйнинг янги эгаси шундай усуллардан фойдаланган ҳолда АҚШ манфаатларини дунёда олға суради, деб таъкидлади.
БРИКС иштирокчилари учун ягона тўлов воситасининг пайдо бўлиши ҳақидаги мунозаралар бир неча йилдан бери давом этмоқда. Бундай валютани нафақат олтин, балки бошқа товарлар гуруҳлари, хусусан, ноёб металлар ва ер билан ҳам қўллаб-қувватлаш таклифлари бўлган.
Россия президенти Владимир Путин ноябрь ойи бошида "Валдай" халқаро мунозара клуби йиғилишида сўзга чиқиб, БРИКСнинг ягона валютасини яратиш ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини ва бундай мақсад йўқлигини таъкидлади. Унинг тушунтиришича, бу қадам ассоциацияга аъзо мамлакатлар иқтисодиётини янада кенгроқ интеграциялашуви ва уларнинг таркибий ўхшашлигини талаб қилади. Россия давлат раҳбари таъкидлаганидек, Россиянинг товар айирбошлаш ҳажмининг учдан икки қисми БРИКС мамлакатлари билан миллий валютада амалга оширилади, бу кўрсаткич 88 фоизга етди.
Доллар, БРИКС ва дўст давлатлар: Путин Москвадаги форумда қандай фикрлар билдирди?