TOШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳридаги Рональд Рейган номидаги аэропорт ҳудудида юз берган фожиали авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампга таъзия мактуби йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Мирзиёев марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Америка халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этди.
Эслатиб ўтамиз, кеча АҚШда ҳарбий вертолёт ва “Bombardier CRJ700” йўловчи самолёти тўқнашиб кетди. Қутқарувчилар ҳозиргача авиаҳалокатда ҳалок бўлган 40 нафар марҳумнинг жасадини топган.