Узлуксиз электр: Ўзбекистон электр энергетика соҳасини қандай ривожлантирмоқчи?

2030 йилга бориб, Ўзбекистон аҳолиси 41 миллионга етиши, иқтисодиёт эса 1,5 карра ўсиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикасини 2025-2035 йилларда ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон аҳолиси 41 миллионга етиши, иқтисодиёт эса 1,5 карра ўсиши кутилмоқда.
“Шунга мутаносиб равишда, саноатда 45 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш, хизматлар ҳажмини 3 баравар ошириш, йирик Маълумотлар марказларини ишга тушириш кўзда тутилган. Бунинг учун, аввало, барқарор электр таъминоти зарур. Ҳисоб-китобга кўра, 2030 йилда 117 миллиард киловатт соат, 2035 йилда эса 135 миллиард киловатт соат электр энергияси талаб этилади. Яъни, ҳозиргидан 1,7 баравар кўп”, — дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев провел совещание по мерам развития электроэнергетики на период 2025–2035 годов.
Энергетика вазирининг тақдимотига кўра, янги электр станциялари ва энергия сақлаш қувватлари барпо этилади. Уларни тизимга улаш учун 7 минг километр магистрал тармоқ қурилиб, рақамлаштирилган бошқарув жорий қилинади.
“Бу орқали ҳудудларда энергия баланси таъминланади. Бир вилоятда электр етишмовчилиги бўлса, бошқа жойда қўшимча қувватлар ишга туширилади. Бу ишлар учун келгуси беш йилда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”га 4 миллиард долларлик инвестиция киритиш талаб этилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, яна бир муҳим масала бу электр энергиясининг таннархини пасайтириш.
“Бунинг омили муқобил манбаларни кўпайтиришдир. Хорижий экспертлар ҳам Ўзбекистон шароитида “яшил” энергия имкониятлари кўплигини айтаяпти. Шундан келиб чиқиб, 2030 йилга бориб жами генерацияда “яшил” энергия улушини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган. Жумладан, 3 мингта микроГЭСда 164 мегаватт, қуёш ва шамол қурилмалари ҳисобига 750 мегаватт қувватларни ишга тушириш режалаштирилган”, — дея аниқлик киритилган хабарда.
Таъкидланишича, саноатда энергия самарадорлик орқали қўшимча 27 фоиз ялпи ички маҳсулот яратиш имконияти бор. Ҳозир кимё ва металлургия бўйича айрим маҳаллий корхоналарда энергия сарфи дунёдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 2 карра, цемент ишлаб чиқаришда эса 1,2 баробар юқори.
Шавкат Мирзиёев провел совещание по мерам развития электроэнергетики на период 2025–2035 годов.
Шу боис, ҳар бир тармоқ кесимида энергияни 10-15 фоиз иқтисод қилиш, 2030 йилда электр энергияси йўқотишларини ҳозирги 14 фоиздан 8-9 фоизгача тушириш вазифа қилиб олинмоқда.
“Хорижий инвесторлар билан яна 26 миллиард долларлик 24 гигаваттли лойиҳалар бўйича ишлар бошланган. Уларга кўп миқдорда ускуна ва қурилиш материаллари ишлатилади. Бу юртимиз корхоналари учун катта имконият экани, лойиҳаларда маҳаллийлаштириш ва кооперацияни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Мутасаддиларга электр энергетикаси соҳасини 2035 йилгача ривожлантириш дастурини тайёрлаш топширилди.
Маълумот учун, охирги саккиз йилда электр ишлаб чиқариш 38 фоиз ошиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етди. Хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли 11,2 гигаваттли қўшимча қувват яратилди. Натижада бу секторнинг генерациядаги улуши 24 фоизга, “яшил” энергия ҳиссаси эса 16 фоизга етди. Шу даврда аҳоли даромади 1,6 баравар ўсгани, янги турдаги маиший техникалардан фойдаланилаётгани сабабли хонадонларда электр истеъмоли 21 миллиард киловатт соатдан ошди. Бу 2016 йилгидан 2 баравар кўп.
Энергетика соҳасида 18 та мажмуа ишга туширилди, яна 6 тасининг қурилиши бошланди