ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Анқарада 29 январь куни Туркия-Озарбайжон-Ўзбекистон форматидаги ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазирлигидаги манбага таяниб, РИА Новости хабар берди.
Уч томонлама учрашув кун тартиби ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча жиҳатларини қамраб олади.
“Йиғилиш кун тартиби уч бўлимдан иборат бўлади: ташқи сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалалари, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақавий транспорт тармоқлари, транспорт ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари”, — дея таъкидлади агентлик манбаси.
Унинг сўзларига кўра, иштирокчилар келгуси даврда уч давлат учун аниқ қадамларни белгилаб берувчи ҳаракатлар режаси ва йўл харитасини ишлаб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, бундай форматдаги илк учрашув 2022 йил 2 август куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган.