Анқара, Боку ва Тошкент Украинада адолатли тинчлик тарафдори — Туркия ТИВ

Анқарада Туркия-Озарбайжон-Ўзбекистон форматидаги ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон Украинада адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилиши тарафдори. Бу ҳақда Анқарада Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари, савдо ва транспорт вазирликлари раҳбарларининг уч томонлама музокаралари якунлари бўйича Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан маълум қилди. Учрашув "TRT Haber" телеканали орқали эфирга узатилди.
Анқарада Туркия-Озарбайжон-Ўзбекистон форматидаги ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Қайд этилишича, учрашувда Россия ва Украина ўртасидаги можаро, Яқин Шарқ ва Афғонистондаги вазият муҳокама қилинган.
“Турк дунёси вакиллари сифатида биз Украинада адолатли ва мустаҳкам тинчлик таъминланиши тарафдоримиз”, — деди Фидан.
Унинг сўзларига кўра, йиғилиш иштирокчилари Афғонистоннинг халқаро яккаланишига қарши чиқиб, унинг қўшнилари билан тинч-тотув яшаши тарафдори бўлган.
“Шунингдек, 1967 йилги чегаралар доирасида пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган мустақил ва суверен Фаластин давлатини яратиш қўллаб қувватланди”, — деди Туркия ташқи ишлар вазири.
Уч давлат вакиллари Суриядаги вазиятни ҳам муҳокама қилган.

“Биз Сурияни тўлиқ суверен, терроризмдан холи, барқарор ва фаровон мамлакат сифатида кўришни истардик. Халқаро ҳамжамият Сурияни қайта тиклашга масъулдир. Сурия минтақада ва халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун барча зарур ёрдамни берамиз”, — деди Туркия ТИВ раҳбари.

Шунингдек, Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олди. Иштирокчилар савдо, сармоя, логистика ва транзит соҳаларида қилиниши керак бўлган қадамларни назарда тутувчи Анқара декларациясини имзолашди.
"Биз инфратузилма лойиҳаларини жадаллаштириш ва устувор тармоқларга сармоя киритишни рағбатлантиришга келишиб олдик. Келгуси даврда амал қиладиган йўл харитасини ҳам белгилаб олдик”, — деди Фидан.
Эслатиб ўтамиз, бундай форматдаги илк учрашув 2022 йил 2 август куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Украинадаги можаро икки ой ичида тугаши мумкин — Путин