ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига кўра, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбаевга "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони берилди. Ҳужжат матни президент расмий сайтида эълон қилинди.
“Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси Мингбаев Убайдулла Курбановичга "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони берилсин”, — дейилади фармон матнида.
Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур унвон Мингбаевга давлат органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, жамиятда қонунийликни таъминлаш, адолатни қарор топтириш орқали инсон қадр-қимматини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қўшган муносиб ҳиссаси учун берилган.
Қолаверса, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ибратли фаолияти, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки ҳамда таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан берилди.