TOШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида модернизация қилинган назорат-ўтказиш пунктлари очилди. Бу ҳақда Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси маълум қилди.
Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида янгиланган “Капланбек” ва “Навоий” автомобиль назорат пунктлари очилди. Модернизация бир вақтнинг ўзида амалга оширилди, техник жиҳозлар ҳам янгиланди. Бугун пунктларнинг техник очилиши бўлиб ўтди.
“Фойдаланишга топшириш ишлари олиб борилиши муносабати билан 27 январдан 5 февралгача жисмоний шахслар, йўловчи транспорт воситалари ва автобусларнинг ўтиши чекланади. 5 февралдан назорат-ўтказиш пункти тўлиқ қувват билан ишлайди”, — дейилган хабарда.
Айтилишича, томонлар келишувига эришганидан сўнг иккинчи босқичда ушбу ўтказиш пунктларида юк ташувчи автотранспорт воситаларининг ўтиши кўзда тутилади.
“Капланбек” назорат-ўтказиш пункти илғор халқаро стандартлар асосида қурилган ва давлат назорати турларини амалга оширишда фойдаланиладиган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган. Жисмоний шахсларнинг чегарадан қулай ўтишлари учун барча шароитлар яратилган.Транспорт ҳаракати автоматлаштирилган.
Жисмоний шахсларнинг ўтказиш қобилияти кунига 20 минг кишига, автомототранспорт воситалариники эса 800 тагача ошиши кутилмоқда.
Хабарга кўра, ҳозирда ЕОИИнинг Хитой, Ўзбекистон ва Туркманистон билан ташқи чегарасида жойлашган божхона постларида 9 та автомобиль ўтказиш пунктини тўлиқ ҳажмда модернизация қилиш ишлари давом этмоқда.