TOШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) келажаги, албатта, ижобий ва оптимистик кўринишга эга, дея ишонч билдирди.
Дипломат Иттифоқнинг 10 йил давомида эришган ютуқлари ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, ЕОИИ иқтисодий йўналтирилган муваффақиятли минтақавий интеграцион бирлашма бўлиб, унинг мақсадларидан бири иштирокчи мамлакатлар аҳолиси фаровонлигини оширишдан иборат.
“Буни Иттифоқ ичидаги ижобий макроиқтисодий кўрсаткичлар кўрсатади (масалан, 2024 йилнинг уч чорагида Иттифоқнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 4,2 фоизга ўсди). Буларнинг барчаси, албатта, фуқароларнинг турмуш даражасига таъсир қилади”, — деди Лавров.
Россия ТИВ раҳбари ЕОИИ доирасида фаолият юритувчи “тўртта эркинлик” (товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи) каби муҳим жиҳатга эътибор қаратди. Шу муносабат билан, Иттифоққа аъзо ҳар қандай давлат резидентлари Иттифоқ мамлакатларида ишлаб чиқарилган товарлар ёки хизматларни жозибадор нархда ва жиддий бюрократик ва вақт сарфларисиз сотиб олишлари мумкин.
Лавров, шунингдек, ташкилот фаолиятининг 10 йили давомида Иттифоққа аъзо давлатлар аҳолиси ўта муҳим маҳсулотлар тақчиллигига деярли дуч келмаганини эслатди.
“Шу билан бирга, ЕОИИ аъзо давлатлар фуқароларига ташкилотнинг исталган давлатида эркин ҳаракатланиш, иш топиш, пул ўтказмаларини амалга ошириш ва ижтимоий таъминот олиш имкониятини беради”, — таъкидлади Лавров.
Қўшма кооперацияни ривожлантириш доирасида янги корхоналар ва иш ўринлари яратилмоқда. 2024 йил ноябрь ойининг охирига келиб Иттифоқдаги ишсизлик даражаси 18,1 фоизга камайди, ишсизлар сони эса меҳнатга лаёқатли аҳолининг атиги 0,7 фоизини ташкил этди. Ўртача ойлик реал иш ҳақи ҳажми доимий равишда ошиб бормоқда.
Айни пайтда савдони либераллаштириш бўйича янги ҳужжатлар лойиҳалари келишиб олинмоқда. Ушбу восита Иттифоқ корхоналари учун учинчи мамлакатлар бозорларига киришни очиб беради, шунингдек, Иттифоқ бозорини зарур товарлар билан тўлдириш имконини беради.
“ЕОИИ келажаги, шубҳасиз, ижобий ва оптимистик кўринишга эга. Ташкилотнинг стратегик ҳужжатларида улкан мақсадлар қўйилган ва биз уларга интиламиз, биринчи навбатда, бизнинг тарихий умумий маконимизда рўй бераётган интеграция жараёнларининг барча фойда ва афзалликларини ўз кундалик ҳаётида амалда ҳис қилиши керак бўлган фуқаролар манфаати учун”, - деди Россия ташқи ишлар вазири.