Мирзиёев ва Жапаров "Амирсой" курорт мажмуасида учрашди

Президентлар долзарб масалалар, шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчиларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
"25 январь куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги "Амирсой" курорт мажмуасида Қирғизистон Президенти билан норасмий учрашув ўтказди", — дейилади хабарда.
Етакчилар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашишди.
Қирғизистон президенти тоғ-чанғи мажмуасида яратилган шароитлар ва унинг жаҳоннинг юксак стандартларига мос замонавий инфратузилмасини юқори баҳолади.
Ўзбекистон ва Қирғизистонда мамлакатларнинг ноёб геоландшафти ва хилма-хил табиатини ҳисобга олган ҳолда курорт-рекреация марказларини ташкил этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни илгари суришга келишиб олинди.